Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси

Халқ таълими вазирлигининг 2018 йил 5 апрелдаги 89-сон буйруғига асосан, тизимда фаолият олиб бораётган фан ўқитувчилари орасидан илғор, ижодкор, ташаббускор, фидойи ўқитувчиларни аниқлаш, ижодий  фаоллигини ошириш, ёшларни баркамол шахс этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган, ўқув-тарбия жараёнида инновацион технологиялардан унумли фойдаланиб, самарали натижаларга эришаётган ўқитувчиларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” Республика танлови ташкил этилиши белгиланган.

Мазкур буйруқ ижросини таъминлаш мақсадида вилоят халқ таълими бошқармасининг 2018 йил 7 апрелдаги 101-сонли буйруғи тасдиқланиб, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳамда вилоятдаги барча умумтаълим мактабларига етказилди.

Танловнинг мактаб босқичида 12 та умумтаълим фанларидан вилоятдаги мавжуд 1200 та умумтаълим мактабларидан жами 17795 нафар  ўқитувчи иштирок этди.

2018 йил 30 апрель -5 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Танловнинг туман (шаҳар) босқичида  ғолибликни эгаллаган 191 нафар ўқитувчидан буюртма қабул қилиниб, танловнинг вилоят босқичида иштироки таъминланди.

Шу билан бирга жорий йилнинг 30 апрель – 5 май кунлари Самарқанд шаҳридаги 43-ИДУМ, 51-ИДУМ, 14, 17, 21, 37, 45- умумтаълим мактаблари ҳамда Самарқанд давлат университети ҳузуридаги педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази раҳбарлари танлов жараёнининг тартибли ўтишини таъминлаб, иштирокчиларга керакли шарт-шароитларни яратиб берганлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Ҳакамлар ҳайъати таркиби Самарқанд давлат университети, университет ҳузуридаги педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази профессор-ўқитувчилари ва умумтаълим мактабларининг олий тоифали фан ўқитувчиларидан шакллантирилиб, танловнинг адолатли ва холисона ўтказилиши таъминланди.

Танлов иштирокчилари ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирок этаётган фани бўйича қуръа ташлаш йўли билан танланган мавзу бўйича компьютерда дарс ишланмаси ёзиш, танловда иштирок этаётган фани бўйича “Фанни ўқитишдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари тўғрисида” тақдимот қилиш, маълум мавзу бўйича қуръа ташлаш йўли билан танланган нотаниш синфда дарс машғулоти ўтиш ҳамда фани бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан тақдим этилган электрон дастур ёрдамида онлайн тест саволларига жавоб бериш каби шартлар бўйича баҳоландилар.

Вилоят ташкилий қўмитасининг қарорига кўра, 12 та умумтаълим фанларидан 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган 36 нафар ўқитувчи аниқланиб, фахрли 1-ўринни эгаллаган 12 нафар ўқитувчи танловнинг Республика босқичида қатнашиш учун тавсия этилди.

MANZIL: XO`JA YUSUF HAMADONIY 50, SAMARQAND 140100; TEL:+99866 233 3765; FAX:+99866 233 6055