Боболар матонати унутилмайди

Жорий йилнинг 5 май куни бошқарма тасарруфидаги Оқдарё туманида жойлашган «Устоз» дам олиш сиҳатгоҳида халқ таълими тизимида фаолият юритиб, айни пайтда фарзандлару набиралар ардоғида кексалик гаштини сураётган 120 нафар  уруш ва меҳнат фахрийлари учун байрам тадбири ташкил этилиб, уларга қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. 

         Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш – бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг халқимизга  хос азалий қадрият эканлиги яна бир бора таъкидланган.

        Бутун дунёда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли қирғин бўлганини халқимиз ҳеч қачон унутмайди.

 Кечган оғир кунлар ёди бугун нафақат уруш қатнашчилари, балки бутун авлодлар хотирасидан ҳали ҳамон ўчгани йўқ. Шу ўринда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, иймони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънодаги миллий қадриятга айланган. Бу эса эртамиз эгалари бўлган ёшларни она Ватанга садоқатли, меҳнатсевар, аждодларга муносиб авлод этиб тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эгадир.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда вилоят халқ таълими Фахрийлар уюшмасига 15849 нафар фахрий устозлар аъзо бўлиб, улардан 16 нафарини Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, 163 нафарини фронт ортида меҳнат қилганлар ҳамда 179 нафарини Афғонистон ва Чернобилда хизмат қилганлар ташкил этади.

Байрам арафасида вилоят халқ таълими бошқармаси Фахрийлар уюшмаси ва унинг шаҳар (туман) бўлимлари раҳбарлари кекса авлод вакилларининг уйларига бориб, ҳолидан хабар олинмоқда. Уларга 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий ёрдам ва байрам совғалари улашилди.

Бундан ташқари халқ таълими фахрийларини Ўзбекистоннинг тарихий жойларига саёҳатларга олиб бориш ҳам режалаштирилган.

Байрам тадбирида сўзга чиққанлар  бугунги тинч ва дориломон кунларга шукроналар айтишди.

Вилоят санъат усталари томонидан ижро этилган ватанпарварлик мавзусидаги куй-қўшиқлар даврага ўзгача шукуҳ бағишлади.

MANZIL: XO`JA YUSUF HAMADONIY 50, SAMARQAND 140100; TEL:+99866 233 3765; FAX:+99866 233 6055