Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас

Инсоният бошига оғир кулфатлар солган фашист босқинчиларига қарши урушда жасорат намуналарини кўрсатган халқимизнинг мард, жасур ўғлонлари, уларнинг мислсиз қаҳрамонлиги ҳозир ҳам тилларда достон.

         Эътироф этиш жоизки,  муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига асосан,  мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш куни арафасида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватанимиз обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчиларига давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари томонидан Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг байрам табриги ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилмоқда.

Жорий йилнинг 4 май куни вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Р.Юлдашев бир гуруҳ ҳарбийлар билан биргаликда Самарқанд шаҳридаги уруш фахрийларининг хонадонларига ташриф буюриб, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди ва қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширди. Уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик, эътибор ва эъзоздан куч олиб, руҳланиб, яна узоқ йиллар сафимизда соғ-саломат, ёнма-ён туришлари учун тилак билдирди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Очил бобо Жабборов асли Ургут туманидаги Қўзичи маҳалласидан. Умрининг 95 баҳорини қарши олаётган бу табаррук отахон айни пайтда Самарқанд шаҳридаги Давлатшоҳ Самарқандий маҳалласида яшайди. Кўп йиллар халқ таълими соҳасида ва Самарқанд шаҳридаги терини қайта ишлаш корхонасида ишлаган. 1942-1944 йилларда Белоруссия, Польша, Россия давлатлари ҳудудида бўлган ҳаёт-мамот жангида жасорат намуналарини кўрсатган.

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Р.Юлдашев отахонга  Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ва фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди ва қимматбаҳо совға -тилла соатни кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали равишда топширди.

– Айни балоғат ёшимда жанггоҳларда қон кечдим, умримнинг қолган қисмини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишладим, – дейди 95 ёшли О.Жабборов. – Биз мактабда ишлаган йиллар таълим тизимига ҳозиргидек эътибор қаерда, дейсиз. Бугун ўқитувчига, айниқса, ўқувчига яратилаётган шароиту имкониятларга ҳавасим келади. Мана, турли идоралар раҳбарлари хонадонимизга келиб, ҳол-аҳвол сўраганидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Яратганга шукр, юртимиз тинч, турмушимиз кундан-кун обод бўляпти. Нуронийлар эса алоҳида эъзозу эътиборда. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан беҳад миннатдормиз.

Шунингдек,  Самарқанд шаҳридаги Мотрид маҳалласида истиқомат қилувчи 94 ёшли Фазлиддин бобо Аслиддинов Ватан ҳимоясига отланган пайтида эндигина 18 ёшда эди. У 1942-1945 йилларда 2-Узоқ Шарқ фронти таркибидаги қўшинларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклар етказиб берувчи махсус полк ва дивизияда ҳарбий таъминотчи вазифасида хизмат қилди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг у Самарқанд давлат тиббиёт институтига ўқишга кириб, ярим асрдан кўпроқ вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида терапевт шифокор, тиббиёт олийгоҳида ассистент, доцент, сўнгра институт тарихи музейида директор вазифаларида самарали фаолият кўрсатган.

Бошқарма бошлиғи Р.Юлдашев отахонга Президентимизнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ва фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди ва қимматбаҳо тилла соатни кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали равишда топширди.

Умумтаълим мактаблари ўқувчилари Она Ватан, тинчлик ва дўстликни мадҳ этувчи шеърларни ёддан ифодали ўқиб беришди.

MANZIL: XO`JA YUSUF HAMADONIY 50, SAMARQAND 140100; TEL:+99866 233 3765; FAX:+99866 233 6055