Самарқандда физика фанидан иқтидорли ўқувчилар инновацион олимпиадасининг Республика босқичи ўтказилди

Жорий йилнинг 13, 14, 15 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида физика фанидан иқтидорли ўқувчилар инновацион олимпиадасининг республика босқичи ўтказилди.

Мамлакатимизда эртамиз эгалари бўлган ёшларнинг соғлом ва баркамол, буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлиб вояга етиши, илм-фан, замонавий билим ва касб-ҳунар сирларини чуқур эгаллашлари учун барча шароитлар яратилган. Муҳтарам Президентимиз томонидан 2018 йилнинг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланишида ҳам педагогларга фарзандлар таълим-тарбиясига янада масъулият билан ёндашиш, ота-оналар билан доимий мулоқотда бўлиш,  ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш баробарида уларни замонавий билимларни пухта эгаллаган, Ватанга фидойи, содиқ инсонлар этиб тарбиялашдек масъулиятли ва шарафли вазифа юклатилган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта  устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегиясининг 4-банди-Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўлимида ҳам таълим тизими ходимларининг вазифаси янада аниқ кўрсатиб берилган.

Мамлакатимизнинг барча соҳаларида муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, таълим тизимига, ёшларга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликлар, эртамиз эгалари бўлган ёшларнинг жисмонан соғлом, маънан етук, баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.

Муҳтарам Президентимиз “Ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз”, дея таъкидлаганлар. Албатта, юртимизда иқтидорли ва истеъдодли ёшларимиз сони ортиб, ўқувчиларимиз илм-фан чўққиларини эгаллаётганлиги, дунёда Ўзбекистон номини шарафлаб, унга муносиб авлод бўлиб камолга етаётганлиги барчамизнинг қалбимизга фахр-ифтихор бағишлайди.

2018 йилнинг 13, 14, 15 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида тасвирий санъат фанидан, Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳрида биология фанидан,  Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида кимё фанидан, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида Ўзбекистон тарихи фанидан, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида математика фанидан, Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрида информатика фанидан  ҳамда Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳрида физика фанидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2018 йил 9 апрелдаги 90-сонли буйруғига асосан, умумий ўрта таълим мактабларининг иқтидорли ўқувчилари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ўзаро дўстона муносабатларини мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг интеллектуал қобилиятларини ривожлантириш, уларнинг фанлар бўйича билим ва малакаларини алмашишларига ҳамда фанлардан олган билимларини намоён этишларига имконият яратиш мақсадида иқтидорли ўқувчилар инновацион олимпиадасининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Самарқанд шаҳридаги 60-сон махсус мактаб-интернатида ташкил этилган физика фанидан инновацион олимпиаданинг республика босқичида барча вилоятлар ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан 56 нафар 8-9-10-синф ўқувчилари иштирок этишди.

Инновацион олимпиаданинг тантанали очилиш тадбирида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги Таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Сейткамолов, Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Р.Юлдашев сўзга чиқиб, иштирокчиларга ўзларининг самимий тилакларини билдиришди. Нарпай туманидаги 17-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи “Ёш китобхон” танловининг республика босқичи ғолиби Моҳинисо Шомуродова юртимизда ёшлар учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар ҳақида фахрланиб гапириб, ўқувчиларга омад тилади.

Инновацион олимпиада Низомига кўра, ўқувчилар ёзма иш ва онлайн тест синовларида иштирок этишди. Ҳакамлар ҳайъати таркиби СамДУ физика факультети, ТАТУ Самарқанд филиали қошидаги академик-лицей, СамҚХИ қошидаги академик-лицей ва умумтаълим мактабларининг тажрибали ўқитувчиларидан шакллантирилиб, адолатли ва холисона баҳоланди.

Шунингдек, инновацион олимпиаданинг вилоят босқичида математика, информатика, кимё, биология, тарих, тасвирий санъат фанларидан ғолибликни эгаллаган 36 нафар иқтидорли ўқувчиларимиз инновацион олимпиаданинг республика босқичига йўлланма олиб,  ўз билими ва иқтидорини намоён этиш учун Бухоро, Навоий, Хоразм, Қашқадарё вилоятларидан юқори натижаларни қўлга киритиб қайтишди.

Самарқанд вилоятида физика фанидан инновацион олимпиаданинг республика босқичи ўтказилишида ўзига хос рамзий маъно бор, албатта. Соҳибқирон Амир Темур пойтахти бўлган Самарқанд азалдан ўзининг буюк мутафаккирлари, алломалари билан дунёга донғи кетган азим шаҳардир.

Республикамизнинг барча вилоятларидан ва Қорақалпоғистон Республикасидан вилоятимизга ташриф буюрган инновацион олимпиада иштирокчилари ва уларга ҳамроҳлик қилувчи меҳмонлар билан Самарқанддаги Мирзо Улуғбек расадхонаси, Регистон майдони ва шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштирилди.

Инновацион олимпиада иштирокчилари ва ўқитувчилар мустақиллигимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.

Инновацион олимпиададан сўнг ўзаро дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида иштирокчилар билан тренинглар ўтказилиб, барча жамоаларга Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармасининг фахрий ёрлиқлари топширилди.

Инновацион олимпиаданинг тантанали ёпилиш тадбирида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги Таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Сейткамолов, Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Р.Юлдашев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Р.Қобилов, Пастдарғом туманидаги 28-ИДУМИ директори, “Шуҳрат” медали соҳиби М.Абдиева, Самарқанд шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, “Ўзбекистон Республикаси Халқ ўқитувчиси” давлат мукофоти соҳиби Ф.Гаффарова ҳамда вилоятлардан ташриф буюрган устозлар инновацион олимпиаданинг республика босқичи ғолиблари ва совриндорларига Халқ таълими вазирлигининг 1, 2, 3 даражали дипломлари, сертификатлари ва эсдалик совғаларини топширдилар.

Вилоят “Баркамол авлод” болалар маркази ёш истеъдод эгалари томонидан ижро этилган қувноқ куй-қўшиқлар дилларга завқ улашди.

MANZIL: XO`JA YUSUF HAMADONIY 50, SAMARQAND 140100; TEL:+99866 233 3765; FAX:+99866 233 6055