Таълимга эътибор – келажакка эътибор

Мустақил юртимизда Ватанимиз таянчи, халқимиз бахту саодати бўлган ёшларимизнинг соғлом ва баркамол, буюк аждодларимизга муносиб бўлиб вояга етиши, илм-фан сирларини, замонавий билимларини чуқур эгаллаши учун барча шароитлар яратилган. Бу албатта, муҳтарам Президентимизнинг таълимга, ёшларга бўлган чексиз ғамхўрлиги намунасидир.

Мустақиллигимизнинг илк кунларидан бошлаб ёшларга алоҳида эътибор қаратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланиб, бу борада ҳуқуқий асослар яратишга киришилди. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган ёш авлод таълим-тарбиясига қаратилган  ислоҳотлар, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” ва мактаб таълимини тубдан ислоҳ қилиш, таълимнинг ёш авлодга сингдиришда уларнинг сонига эмас, балки  фақат сифат-самарадорликка эришиш йўлларини амалга ошириш, дунёнинг ривожланган давлатларидаги тенгдошлари билан бемалол баҳслаша оладиган, жаҳон аренасида мамлакатимиз байроғини баланд кўтариб, юрт ғурурини ҳимоя қиладиган ҳақиқий келажак эгаларини тарбиялаш масъулиятли ва шарафли касб эгалари, ўқитувчи-мураббийлар зиммасига юклатилган.

Бир томони осмонўпар тоғлару қир-адирларга, бир томони қўй-қўзиларга бой бепоён яйловларга туташиб кетган Нуробод туманининг Жом қишлоғи ҳудудида жойлашган туман халқ таълими бўлимига қарашли  умумтаълим мактабларида ҳам эртамиз эгалари бўлган ёш авлоднинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиб, илму ҳунар ўрганишлари учун барча шароитлар яратиб берилган.

Халқ таълими вазирлиги томонидан март-апрель ойлари “Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги” деб эълон қилинганлиги  муносабати билан ушбу таълим муассасаларида жами 154 млн. 200 минг сўмлик қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.

Таълим муассасалари кутубхоналари ўқувчилар ёшига мос бўлган бадиий адабиётлар билан таъминланди. Мактабларнинг барча синф хоналари давлат таълим стандартлари асосида фанлар йўналишида кўргазмали ўқув жиҳозлари билан замон талаблари  даражасида тўлиқ жиҳозланди.

Таълим муассасаларида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Мактаб боғига 1000 тубдан ортиқ мевали, манзарали дарахт кўчатлари ва 20 минг туб терак кўчатлари ўтқазилди.

Айни пайтда барча таълим муассасаларида ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари давом этмоқда.

Нуробод тумани Жом қишлоғидаги умумтаълим мактабларига таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича методик ёрдам кўрсатиш учун тажрибали методистлар ва тренер ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳи  шакллантирилиб, амалий ёрдам берилмоқда. Таянч мактабларида  ташкил этилган ўқув машғулотларида тренер ўқитувчилар “Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг эҳтиёжлари асосида  методик материалларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш усуллари”, “Синф хонасини жиҳозлаш ва эстетик дид бериш. Ўқитувчи ва ўқувчининг кийиниш одоби”, “Дарсларда педагогик технологиялардан унумли фойдаланиш йўллари” каби мавзуларда кўгазмали чиқишлар қилишиб, ўзаро тажриба алмашишмоқда.

Фанлар кесимида ташкил этилган таянч мактабларида ўтказиладиган ўқув машғулотларида методистлар, тренер ўқитувчилар ва фан ўқитувчилари белгиланган методик кунларида фаол иштирок этишмоқда.