Иншо – китобхонлик ва саводхонлик асоси (методик тавсия)

Кузатиш ва тажрибалар шуни кўрсатяптики, узлуксиз таълим тизимининг барча босқичларида ўқувчининг оғзаки ва ёзма нутқини ривожлантиришга ажратилган дарс соатлари миқдори етарли бўлса-да, ўқувчиларнинг ёзма нутқи борасидаги натижалар қониқарли эмас. Бунинг асосий сабабларидан бири ҳозиргача адабий таълимда иншоларни ташкил этишнинг илмий-методик асослари белгилаб олинмагани, ўқитувчиларнинг ўқувчилар иншосини ташкил этишда етарли даражада билимга эга эмасликлари, тарбияланувчиларнинг ёзма нутқини ўстириш билан боғлиқ ишларнинг етарли эмаслигидир.

Маълумки, болалар асосан 6-7 ёшгача билиши лозим бўлган асосий нарса-ҳодисаларни билиб бўлишади. Бунга уларнинг атроф оламни билишга, ўзлаштиришга бўлган эҳтиёжи сабаб бўлади ва бу кўпроқ тақлид қилиш йўли билан амалга ошади. Мактабга қадам қўйилгач эса болалар ўқиш ва ёзиш жараёнининг ўзидаёқ табиий равишда “билимларни ўзлаштирувчи шахс”га айланишади. Таълим амалиётида бу босқични оқилона ташкил этиб дастлабки синфлардан бошлаб ўқитувчи ва ўқувчи, ўқувчиларнинг ўзаро эркин муносабатларини юзага келтириш, эркин фикр билдиришга имконият яратиш ўқитувчи ёрдами ва ҳамкорлигида амалга оширилади. Бунинг учун, аввало, кичик, қизиқарли матнларни қайта ҳикоялашни талаб қилиш, аста-секинлик билан расмли баён, кичик матнларга асосланган баён ва ўқувчилар қизиқишидан келиб чиқадиган кичик матнли иншолар режаси ва матнини яратиш ишларини ташкил этиш талаб этилади.

Ҳозирги пайтда ўқувчи билими ва тафаккурини ривожлантиришнинг турли методлари, усуллари яратилган бўлсада, иншонинг ўқувчи тафаккури шаклланиши, унинг руҳий ва фикрий камолоти ҳамда маънавий соғломлашувидаги бевосита ўрни чуқур тадқиқ этилмаган. Иншони ташкил этишнинг илмий-назарий асослари белгиланмаган, бу борада кенг кўламли тадқиқотлар олиб борилмаган.

Ўзбекистонда таълимни ислоҳ қилиш ишлари тизимнинг барча турларида унинг мақсади, вазифалари билан бирга мазмунини тўғри ва аниқ белгилаб олишга боғлиқ. Халқаро алоқалар кўламининг кенгайиб бораётган бугунги шароитида жамиятнинг барча соҳаларида ўз фикрини оғзаки ва ёзма равишда эркин ҳамда саводли баён қила оладиган юқори малакали мутахассисларга эҳтиёж ва талаб ортиб боради. Айниқса, келажак авлодга ўз фикрини нутқнинг ҳар икки турида ҳам эркин баён қила олишида муҳим босқич бўлган бошланғич таълим соҳасида ҳам, таълимнинг ўрта босқичида ҳам, унинг ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими босқичида ҳам “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури” талабларига жавоб бера оладиган етук мутахассисларни шакллантириш долзарб масалалардан биридир. Шу маънода ёзма нутқ ва мустақил тафаккурнинг энг олий кўриниши бўлган иншо ҳамда уни ёзишнинг тартиб-қоидаларини ўрганиш-ўргатишга асосланган бунга йўналтирилган ўқитишни мақсадли ташкил этиш таълимдаги долзарб муаммолардан бири саналади.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “иншо” атамаси шундай изоҳланади: “Иншо – (ташкил этиш; яратиш, қуриш, барпо қилиш; ижод, баён, таҳрир) ўқув юртларида она тили ва адабиётдан ёзма иш”.

Иншо, умумий маънода, маълум бир асар, бирор ҳаётий ҳодиса ёки тасвирий санъат намуналари асосида ўқувчиларнинг ўз фикр-мулоҳазалари, мушоҳадаларини акс эттирадиган ёзма иш турларидан бири саналиб, адабий таълимнинг умумий тизимида асосий иш турларидан бири ҳисобланади.

Иншо тушунчасининг мазмуни ундаги материалнинг чекланганлиги, ўқувчининг ана шу чекланганлик доирасидан четга чиқмаган ҳолда мавзунинг мазмунини очиб беришига асосланган ёзма иш ҳисобланади. Дарҳақиқат, иншонинг мавзуси чегараланган бўлади. Иншога материал сифатида ҳаётдаги бирор ҳодиса, бадиий асардаги бирор эпизод, бошқа бир кишининг ҳаётидан лавҳа, бирор жойга, бирор тасвирга муносабатни танлаб олиш мумкин.

Иншо, бу – ўқувчиларнинг бирор асар, бадиий тасвир ёки қандайдир воқеа-ҳодиса юзасидан ўз таассуротлари, туйғуларини мустақил равишда, ёзма ёки оғзаки шаклда ифодалашга қаратилган мустақил фаолиятидир.

Иншо, бу – ўқувчиларнинг бирор бадиий ҳодиса юзасидан ўз фикрлари, ҳиссиётлари ва мушоҳадаларини бошқаларга етказиш мақсадида мустақил, ижодий шарҳи саналади.

Иншо, бу – ўзида қандайдир мазмунни боғланишли матн орқали ифодаловчи ақлий фаолиятининг умумий номи ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, иншо – ўқувчиларнинг оғзаки ва ёзма нутқини ўстириш, тафаккур мустақиллиги ва маънавий камолотини таъминлаш йўлида  амалга ошириладиган, алоҳида шахсдан ўз мустақил фикри, шахсий муносабатини талаб қиладиган фаолиятнинг мураккаб шаклларидан биридир.

Ҳамонки, иншо ўқувчиларнинг мустақиш иш турларидан бири ҳисобланаркан, иншо ёзиш жараёнига ўқитувчининг раҳбарлик қилиши, аралашиши педагогик жиҳатидан унча тўғри бўлмайди. Тўғри, ўқувчиларни иншо ёзишга ўргатишнинг дастлабки босқичида, масалан, бошланғич синфларда унинг бевосита ташкилотчилигига эҳтиёж сезилиши мумкин. Лекин ўқувчиларда иншо ёзиш борасида маълум билим ва кўникмалар шаклланиб бўлганидан кейин бунга эҳтиёж қолмайди.

Шу ўринда адабиётшунос О. Мадаевнинг “Иншо қандай ёзилади” рисоласида қийидаги маълумотларни келтиради: “Иншо назарияси ҳақида маълумот берганда “иншо” сўзининг маъносини шарҳлаш яхши натижа беради. Хусусан, классик адабиёт луғатларида “иншо” сўзи, биринчидан, пайдо қилиш, юзага келтириш; иккинчидан, ижод, сочма асар; учинчидан, ёзув, хат, вужудга келтирмоқ, ёзмоқ, битмоқ, маъноларини билдириши айтилади. Иншо ёзиш маълум мавзу юзасидан мустақил фикрни ёзма тарзда ифодалаш экани тушунтирилади. Бундай шарҳнинг муҳим аҳамияти шундаки, ўқувчи иншо ёзиш ижод қилиш эканини англаб олади. Ишнинг дастлабки босқичиданоқ иншо бировнинг фикрини, дарсликдаги маълумотни кўчириш эмас, балки тема ҳақида мустақил фикр юритиш маҳсули эканлигига урғу берилади. Синф савиясига қараб “иншо” сўзининг аввалги маъноси ҳозирги кунда торайгани қайд этилади. Авваллари бирон шахс томонидан ёзилган ҳар бир текст иншо деб тушунилган. Мактублар, илмий асарлар, шахсий архивда сақланувчи кундаликлар “иншо” термини билан юритилган. Ҳозирда эса, асосан, ўзбек тили ва адабиёти юзасидан маълум темага бағишланган ёзма ишлар мазкур атама билан юритилади. Демак, иншо терминининг маъноси ҳозирги пайтда торайган. Бундай маълумотларни ўқитувчи лозим топсагина ўқувчиларга айтиши мумкин”, тарзидаги қарашлари қўл келади.

Иншо бўйича илмий тадқиқот ишларини олиб борган методист олима Н.Сатторова Ўқувчиларнинг иншо ёзиш малакаларини такомиллаштириш (5-синфда она тили ўқитиш жараёнида) мавзусидаги номзодлик диссертациясида қуйидаги мулоҳазаларни келтиради: “Дарҳақиқат, иншо том маънода ўқувчининг мустақил бажарадиган ижодий иши бўлиб, у оғзаки ва ёзма шаклларда бўлиши мумкин. Иншо ўзгаларнинг фикрини ёки маълум бир манбадаги маълумотларни кўчириш эмас, балки берилган мавзу юзасидан мустақил фикр юритиш маҳсули. Шунинг учун бир мавзуда синфдаги 25-30 ўқувчи 25-30 хил фикрлаши ва ёритилган масалага турли хилда ёндашиш талаб этилади, масалан, гугуртга ўқувчилардан бири уй-рўзғор буюми сифатида қараса, иккинчиси ўт, аланга манбаи, учинчиси иссиқлик манбаи, тўртинчиси ёруғлик, бешинчиси муҳаббат манбаи сифатида қараши мумкин. Худди шу хусусиятлари билан иншо ўқувчилардан бир қатор зарурий коммуникатив малакаларни талаб қиладиган, шахснинг руҳий физиологик ҳолатларига боғлиқ бўлган фаолиятдир”.

Иншо таълим тизимидаги бошқа ишларга қараганда, боланинг ўзини ўраб турган теварак-атрофга, бошқа кишиларнинг хатти-ҳаракатларига ва ўз хулқ-атворига муносабатини аниқлашда муҳим восита ҳисобланади. Ўқувчи ўзига берилган иншо мавзулари устида изланади, ишлайди, фикрлайди. Бу мавзулар унинг шахс сифатида шаклланишида, маънан баркамол бўлиб етишишида муҳим аҳамият касб этади.

Ўқувчилар иншо устида ишлар экан,  ўз ҳаётий тажрибаси, мактаб таълими, мустақил китоб ўқиши давомида тўплаган “билимлар омбори”дан берилган мавзуга мос маълумотларни саралайди ва мавзуга тегишли бўлмаганларига эътибор қилмай, иншо мавзусини ишонч билан очишга ҳаракат қиладилар. Ўқувчилар саралаб олинган материалларни мантиқий изчилликда жойлаштириш, иншо мазмунига мос келадиган сўз ва ибораларни танлаш кўникма ва малакасига эга бўлиб борадилар.

Бироқ, бу кўникмалар ўқувчига тайёр ҳолда, яхлит тарзда берилмайди, улар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Ўқитувчи уларни тизимли таълим ва давомли машқлар натижасида ўқувчилар онгида шакллантира боради.

Бугунги кун таълим тизимидаги, хусусан, иншони ташкил этиш жараёнидаги муҳим камчиликлардан бири ўқувчиларнинг китобхонлик савиясининг пастлиги билан ҳам ўлчанилиб қолмоқда. Китоб мутолааси билан машғул бўлмаган ўқувчининг нафақат асар қаҳрамонлари ҳақида сўз юрита олиши, балки оддий инсоний қадриятлар борасидаги мулоҳазалари ҳам асоссиз ҳисобланади. Мактаб таълимида адабиёт ўқитиш тизими қандай йўлга қўйилганлиги ҳақида педагогика фанлари доктори Қ.Ҳусанбоева қуйидагиларни баён этади: “Дарсликлардаги дидактик ашёларнинг вазифаси ўқувчини ўша энг зўр асарни мустақил равишда қидириб, топиб ўқийдиган маънавият эгаси сифатида шакллантиришдан иборатдир. Афсуски, бугун мактабда адабиётдан дарс бераётган ўқитувчиларнинг ҳаммаси ҳам буни англаб етганича йўқ”.

Мамлакатимиз раҳбарининг 2017-йил 12- январдаги “Китобхонлик маданиятини янада ривожлантириш  чора тадбирлари” тўғрисидаги қарори кенг жамоатчилик томонидан илиқ қарши олинди ва кенг маънавият даргоҳларининг эътирофига сазовор бўлмоқда. 2017-йил 13-сентабрдаги китобхонлик маданиятини ривожлантириш борасидаги навбатдаги қарори юқоридаги фикримизни асословчи муҳим омил бўлди.

Мутахассислар бугунги кун китоб мутолааси ҳақида кўплаб сабабларни санаб беришяптики, гўё охири йўқдек. Бироқ бугунги чек-чегарасиз, кенг-кўламли охборот оқими ўқувчилар диққатини ўзига қаратиб қўяётганлиги ва пала-партиш, битмас-туганмас маълумотлари билан китобхонлик савиясига путур  етказаётганлиги аниқ. Бу дегани ўқувчиларни ахборот манбаларидан чалғитиш керак дегани эмас, интернет хизмати, қўл телефони имкониятлари, телеканаллар сонининг турли-туманлиги – фаол ҳаёт билан машғул ҳар қандай шахснинг кундалик турмуш тарзига айланиб бормоқда.  Ўз навбатида буларнинг бари ўқувчи диққати ва тасаввурини чалғтадиган омиллар сирасига ҳам киради. Биз педагогларнинг айни пайтдаги асосий вазифаларимиздан бири ёдимиздан кўтарилиб кетаётган китобхонлик, китобсеварлик таъмини, ҳиссини уларга бирозгина англатишимиз керак, холос.

Китоб мутолааси ўқувчиларга қуйидаги тўрт аспектда таъсир қилади:

1.Китоб мутолааси биринчи навбатда ўқувчилар тасаввурини шакллантиради.

Бизнинг ҳар бир ҳаракатимиз, ўйлаган ўйимиз маълум бир тасаввурга асосланади. Бирор нарса, воқеа, предмет воқеаланиши учун ҳам аввало бизнинг тасаввуримиз ғалвиридан ўтиши керак бўлади. Яъни, бизнинг тасаввуримиз аралашмаган воқелик мавҳумликдир. Ҳаётнинг энг муҳим жиҳати шундаки, ўқувчи нимани тасаввур қилса, ўшангагина эришади. Инсон тасаввури реалликни яратади. Тарихда юксак кашфиётлар қилган даҳолар ўз тасаввур доираларидан ортиғига эга буюк инсонлар бўлишган.

Китоб мутолааси жараёнида ўқувчининг тасаввури ишлайди. У узоқ ўтмишни, келажакни тасаввур қилади. Замондошлари ҳаётини тасаввурида гавдалантиради. Бу жараён телеекрандаги жонсиз сурат шаклида эмас, ўқувчининг онгида, тасаввур оламида содир бўлади. Ва ўз-ўзидан ўқувчининг онгида ҳам ўзгартишлар ясашга қодир бўлади.

  1. 2. Китоб мутолааси ўқувчилар маънавиятини шакллантиради. Маълумки, ҳар бир халқнинг турмуш тарзи, яшаш шароити, муомала маданиятининг ривожланиш тадрижи ўша халқнинг маънавияти шаклида намоён бўлади. Уларнинг маънавияти қадрланади, уларга ҳурмат бажо келтирилади. Аслида ўша халқ маънавиятини шакллантирувчи биринчи омил таълим-тарбия жараёнининг изчил йўлга қўйилганлигидадир.

Маънавият асосида тарбия ётади. Тарбия ота-она, мактаб, маҳалла каби омиллар асосида шаклланади. Юқорида санаб ўтилганлардан энг муҳими мактабдир. Умумтаълим  мактабларида ўқувчи маънавиятини шакллантириш учун хизмат қиладиган барча зарурий шарт-шароитлар ишлаб чиқилган. Бу ёшлар таълим тарбияси учун давлат томонидан яратилаётган юксак ғамхўрликдир. Бироқ, натижа баъзи ҳолларда кутилганидек чиқмаётганлиги ташвишли ҳолдир. Баъзи ўқувчиларнинг ақлий “китоб жовонлари”дан адабиёт дарсларида ўтилган асарлар ҳам топилмайди..

Одатда, ўқувчилар адабий иншо ёзганларида дарслик муаллифлари ёки ўқитувчининг тимсоллар ҳақидаги фикрларига ёпишиб олишади. Бунинг сабаби уларнинг ўз фикрини ифодалашга ўргатилмагани, тимсоллар ҳақида шахсий қарашларининг йўқлиги, асар мазмуни ёки матннинг қайси ўрни ва жиҳати таъсир этганини ажрата олмасликларидир. Ўқувчиларга иншо ёздиришдан олдин ўқитувчи уларнинг бадиий асарни қандай ўқиганлари ва қанчалик тушунганларини аниқлаб олиши зарур. Шундай мақсад билан ташкил этилган суҳбатлар асносида асар юзасидан ўқувчилар англамай қолган жиҳатлар ва бунинг сабаблари аниқланади. Шундан келиб чиқиб маълум даражада тушунтириш ишлари амалга оширилади. Айни вақтда ўқувчида мустақил фикр, соғлом маънавият шакллантиришга ҳам эришилади.

3.Китоб мутолааси ўқувчининг таълим-тарбиясига таъсир этади.

Иншо ёзиш кўникмасини шакллантириш аслида бошланғич таълим давридан бошлансада, унинг элементларини мактабгача тарбия давридаёқ кузатиш мумкин. Бола гапиришни бошлаганидаёқ нарсалар, атроф-олам, борлиқ билан қизиқа бошлайди. “Бу нима?” “Нега самалёт уча олади?” “Қуёш қаердан чиқади?” сингари саволлар пайдо бўла бошлайди. Уларга жавоб топишга ҳаракат қилади. Жавоб топиш асносида қисман уларга ўз муносабатини ҳам шакллантиради. Худди шу жараён, боланинг шахсий муносабат билдириш истаги – иншонинг илк куртаклари сифатида бўй кўрсатади ва ўз навбатида иншо ўқувчиларнинг мустақил фикрлашини, дунёқарашини шакллантириш билан бирга таълим-тарбиявий аҳамият касб этади.

Ўқувчи “Ўткан кунлар” романидаги Отабек образига тавсиф ёзиш учун аввало уни ўқиб чиқиши шарт. Китоб мутолааси жараёнида Отабекнинг ижтимоий муҳитга, турмуш ўртоғига, ота-онасига бўлган муносабатларини таҳлиллайди, улардан кераклича хулоса чиқаради, ўзида ҳам шундай хислатлар бўлишини онгли ва онгсиз тарзда хоҳлайди.

Қ. Ҳусанбоева ўқувчи шахсининг юзага чиқишида иншонинг аҳамиятини қуйидагича баҳолайди: “Иншо ёзиш – ижодий жараён. Ўқувчини ижодга ундаш эса руҳиятини безовта қила оладиган, қизиқтирган мавзуда ёзишга ва энг муҳими, ўзининг туйғуларини, муносабатини сўз билан ифодалаб беришга қизиқиш уйғотилганда енгил ва муваффақиятли амалга ошади. Ўқувчи кўпинча ёзиш­га арзийдиган салмоқли фикри йўқлиги учун ёмон ёзади. Адабиёт дарсларида иншо ёздиришдан мақсад синфдаги ўқувчиларни ижодкор қилиш эмас. Муҳими, тарбияланувчида шундай туйғуларнинг айрим жиҳатлари, белгилари пайдо бўлса,  жуда бўлмаганда, дарсда ўрганганларига муносабат билдиришга одатланса, унда инсонийлик, шахслик куртаклари пайдо бўлади. Ўзида шахслик сифатларини шакллантиришга эришган бола ривожланиш сари интилиши, табиий”.

  1. Китоб мутолааси ўқувчининг сўз бойлигини, нутқини оширади.

Эртакларнинг мавзулари хилма-хиллиги билан ҳам эътиборни ўзига жалб қилади. Уларда турли саргузаштлар, мўъжизавий ҳаёт тасвири, адолатнинг ғалаба қилиши, инсоннинг фазилатлари  мадҳи кенг ўрин олган. Бундай асарларда айниқса, тасвирий санъатлардан, муболағадан қайта-қайта фойдаланилади. Энг муҳуми тингловчи ёки китобхон муболағаларнинг биронтасига шубҳа билан қарамайди. Масалан, “Булбулигўё” эртагида дарахтнинг барглари зумраддан, мевалари олтиндан бўлади.  Аммо бундай мўжизаларнинг содир бўлиши ҳеч кимда шубҳа уйғотмайди. Сеҳрли эртакларда тилсимли нарса – предмет ҳақида ҳам фикр юритилган. Масалан: дарёга айланган ойна, чангалзорга айланган тароқ каби тасвирларга кенг ўрин берилади. Эртакларда инсон хаёли нақадар чексиз экани намоён бўлади. Уларда келажакка ишонч руҳи мавжуд. Эртаклар ўқувчининг ўз орзуcидаги дунёқарашни шакллантиришда муҳим манба вазифасини ўташ билан бирга унинг нутқий имкониятларининг юзага чиқиишида ҳам муҳим рол ўйнайди.

Самарқанд вилоят Самарқанд шаҳар 14, 64-умумтаълим мактаблари, Ургут туманидаги 26, 105-умумтаълим макатабларида, шунингдек, Урганч шаҳридаги, Гулистон шаҳридаги бир қатор мактабларда тўрт йил давомида тажриба-синов ишлари олиб борган пайтимизда нутқ ўстириш дарслари тизимига адабий мавзудаги иншоларни ҳам киритиш зарурлигига амин бўлдик. Ўқувчилар ўзларига топширилган ижодий ишларни катта хоҳиш ва қизиқиш билан бажардилар. Энг муҳими, биз уларда ижодий фаолиятга қизиқиш бутунлай кучайганлигини сездик. Улар ташаббус кўрсатишиб, дарсдан ташқари тадбирларга бажонидил иштирок этдилар, ўзларини дарсга михлаб қўйилгандек ҳис қилмадилар; ҳар қандай мунозараларда жудаям жонли чиқишлар қилдилар, муаммоли саволларга жавоб топдилар, билим ва идрокни оширишга қаратилган топшириқларни аъло даражада бажардилар.

Ўтган йиллар мобайнида биз ўқувчиларнинг иншо ёзиш даражасининг ўсишини кузатиб бордик. Тадқиқот билан таништириш режасига кўра, тадқиқот мавзуси юзасидан ўқитувчилар малакасини ошириш институтида, шаҳар методик марказида, мактабларда маърузалар ўқилди. Барча қизиққан кишиларга тажрибавий тадқиқотларда қатнашиш имкони яратилди. Ўқувчилар билан ўтказилган суҳбатлардан ишнинг ижобий натижалари аниқланди. Барча ўқувчиларнинг ижодий ишларга қизиқишлари, уларнинг ижодий тасаввур ва тафаккурининг ривожланиш даражаси, нутқий даражанинг ошганлиги, адабиётга бўлган қизиқишнинг ортганлигини қайд этишди.

Бу эътирофларнинг ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қилиш учун тасдиқловчи тажриба ўтказилган синфларда бир неча назорат дарсларини олиб бордик. Олинган ишларни баҳолашнинг умумий мезонлари олдиндан ишлаб чиқилди. Биз олдимизга иш олиб борилган ҳар бир синфни назорат қилиш топшириғини қўймадик, чунки ижодий фаолиятга кенг кўламда баҳо бериш ва, умуман, ижодиётни баҳолашнинг универсал мезонларини танлаш жуда мураккаб. Бироқ айрим синфлар мисолида биз назорат қилинадиган тажриба учун иншо мавзуларини ихтиёрий равишда танлаб олиб, буни амалга оширишга ҳаракат қилдик. 5-синф ўқувчиларига бадиий сўз асосидаги ижодий иншо ёзиш топширилди. Бунда улардан Х.Андерсеннинг ”Булбул” эртаги асосида иншо ёзишни талаб қилдик. 6-синф ўқувчиларига олдин Миртемирнинг “Тўрғай” шеъри ўқиб чиқиб, сўнг “Тўрғай нега бир нуқтада сайрайди?” саволига жавоб бериш асосида иншо ташкил этиш топширилди. 7-синф ўқувчиларига А.Мухторнинг “Бир туп ўрик” шеъри ўқиб чиқилгач, “Ўрик нега ёлғиз?” мавзусидаги ижодий тасаввур ва хаёлот маҳсулини тасвирлаш вазифаси берилди. 9-синф ўқувчиларига С.Аҳмаднинг “Уфқ” трилогиясидан олинган парча асосида қаҳрамонлардан бирининг монологини яратиш топширилди. Ўқувчиларнинг тасаввури ва ижодий тафаккурининг ривожланиш даражасини ҳам, нутқий риволаниш даражасини ҳам аниқлаш имконини берадиган мезонлар ҳам аниқланди.

Дастлаб ижодий ишларни турларига кўра баҳолаш учун махсус мезонлар белгиланди:

а) бадиий сўзга таянилган ижодий ишлар учун: бадиийлик ва тафаккурнинг образлилиги;

б) назарий-адабий тушунчага таянилган ишлар учун: ижодий тафаккур унсурларининг мавжудлиги (ақлнинг эгилувчанлиги, диалективлик, кетма-кетлик);

в) ахлоқий тушунчаларга таянилган ишлар учун: эстетик вазиятнинг мавжудлиги, ўқилганларни шахсан тушуниб етиш.

Тажриба ва назорат синфларда ўтказилган текшириш ва баҳолашда иншо ёзишга доир қуйидаги малакалар асосий ўлчов бирликлари сифатида қабул қилинди:

  1. Мақсадига мос равишда иншо турларининг ўзига хос хусусиятларини тушуниш.
  2. Иншо мавзуси ва ғоясини изоҳлашда мушоҳадаларни тушуниб етганлик.
  3. Иншонинг оригиналлиги (ғалати қаҳрамонлар, мустқил ўйлаб топилган қизиқарли буюмлар, ғайриоддий ҳаракатлар ва бошқалар).
  4. Мантиқийлик, кетма-кетлик, шарҳлаш, тасаввур фаолиятининг назорати.
  5. Тилнинг тасвирий-ифодавий воситалари, образлилик, нутқнинг ҳиссийлигини билиш, иншога монолог ва диалогларни қўшиш.
  6. Иншо ёзишда ўқувчиларнинг шахсий муносабат билдира олиш кўникмаларини ривожланганлик даражаси.
  7. Ўқувчиларнинг иншо мавзусини очиб беришда ижодий ёндашуви
  8. Иншо ёзишда ўқувчининг эркинлик, онглилик, ихтиёрийлик тамойилига асосланганлиги.
  9. Ўқувчиларнинг мустақил фикр билдириш малакаларининг ривожланганлик даражаси.
  10. Ўқилган асардан олган таассуротларини ёрқин ифодалаб бера олиш даражаси.
  11. Адабий қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатларига муносабат билдира олиши ва ва уни асослай олиши.
  12. Адабий тарихий даврларга ва адиблар ижодига тўғри баҳо бера олиши.

Бажарилган ишлар якунида қийидаги натижаларга эришилди. 5-синфларда 75 ўқувчи иншо ёзди. Улардан мезонларга мувофиқ равишда баланд даража 19%ни ташкил қилди, бу тасдиқловчи иншо ўтказилганидан сўнг 14%га ошганлигидан дарак беради, ўртача даража 49%ни (18%га кўп), паст даража 32%ни (олдин 64% бўлган) кўрсатди.

7-8-синф ўқувчилари ҳам ўзларига берилган топшириқни жуда қизиқиш билан бажарганлар. Ижодий тафаккур ва нутқ маданияти ривожланишининг баланд даражаси 24%ни, ўрта даражаси 56%ни, паст даражаси 20%ни кўрсатди.

Умуман олганда, назорат тажрибаси натижаларига кўра, унинг тасдиқлаш тажрибасига қиёсланганида, шунга амин бўлдикки, тасаввур, ижодий фикрлаш ва нутқ маданиятининг ривожланиш даражаси 15%га, ўрта даража 27%га ўсган, паст кўрсаткичли ўқувчилар миқдори деярли 42%га пасайган, яъни ўрта даражага ўтган. Бу далилларга асосланиб, тажриба натижаларини ижобий ва самарали деб тан олиш мумкин.

Қайд этиш лозимки, тажриба ишларини олиб бориш жараёнида ўқувчиларда ижодий ишга барқарор қизиқишни, у билан бирга ўз-ўзини ривожлантиришга интилишини шакллантиришга, ўқувчининг маънавий оламини бойитишга эришилди. Ижодий иншо ёзиш давомида бадиий сўз билан ишлаш усулларини эгаллаш, назарий-адабий ва ахлоқий тушунчалар изоҳлаган маъноларни билиб олиш ишнинг композицион қурилишининг, ҳиссий ифодалилигининг яхшиланишига таъсир кўрсатди, ўқувчиларнинг сўз бойлигининг бойиши амалга ошди.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги ўқувчилар эртага қайси касб эгалари бўлишидан қатъи назар, улар бирнчи навбатда, маданиятли, маънавий баркамоллик сари олға борадиган кишилар бўлишлари лозим. Бугунги кунда маданиятли киши эркин ва саводхонлик билан ёза олиши ва гапира олиши лозим. Шахсни ўз фикр ва туйғуларини хоҳ оғзаки, хоҳ ёзма равишда ифодалаш малакасисиз ривожлантириш мумкин эмас. Шахсни шакллантириш ва ривожлантириш – ижтимоий ва иқтисодий масалаларни ҳал қилишнинг дастлабки шартидир. Айнан мана шу сифат, яъни болаликдан ижодий фикрлаш қобилиятини, хаёл қилиш истагини уйғота билиш ўз фикри ва дунёқарашига эга бўлган баркамол авлод тарбиясининг асосий таянч дастурларидан бири бўлиб қолади.  Бундай авлод Ватанимизнинг эртанги куни, шарафи ва виждони бўлиб улғаяди.

 

 

Муталлиб Ҳазратқулов,

СамДУ катта ўқитувчиси.

Дилором Абдураҳмонова,

вилоят халқ таълими бошқармаси

она тили ва адабиёт фани методисти.

Leave a Reply

MANZIL: XO`JA YUSUF HAMADONIY 50, SAMARQAND 140100; TEL:+99866 233 3765; FAX:+99866 233 6055