Пойдевор бошланғич таълимда қўйилади

      Билим чўққиларини чуқур эгаллаш учун тамал тоши бошланғич синфда қўйилади. Уларнинг ижодкорлиги,  хотираси ва дунёқарашини ривожлантириш, китоб ва матн билан мустақил ишлаш кўникмаларини шакллантириш, бадиий адабиётга ҳавас уйғотиш, эркин фикрлашга ўргатиш ана шу даврда бошланади.

Пастдарғом туманидаги 12, 55, 82-умумтаълим мактабларида бошланғич синф ўқувчилари ўртасида ташкил этилган кўрик-танлов ана шу мақсадга қаратилди. Бошланғич билимларни эгаллаётган ўқувчилар учун ўзига хос синов бўлган бу тадбирни адолатли ўтказиш, уларнинг иқтидорларини холисона баҳолаш учун туман мактабларининг илғор, тажрибали ва ижодкор ўқитувчилари танлаб олинди. Кўрик-танлов иштирокчилари “Ким кўп шеър, мақол, тез айтиш, топишмоқ ва эртак билади?”, “Кимнинг хати чиройли?” ва “Энг билимдон ўқувчи” шартлари бўйича иқтидорларини  намойиш этдилар.

 

— Ҳар бир бола бир дунё, — дейди кўрик-танлов ҳайъати аъзоси, туман халқ таълими бўлими бошлағич таълим фанлари уюшмаси раиси Зебунисо Мусурмонова. — Уларнинг танлов шарт­ларини бекаму кўст бажаришлари, берилган саволларга тўлақонли жавоб беришлари, чиройли ҳуснихатда матнлар ёзишлари ҳайратимизни оширди.

Иқтидорлилар синови бўлган ушбу кўрик-танловнинг “Ким кўп шеър, мақол, топишмоқ, тез айтиш билади?” шартида 1-синфлар ўртасида 124-умумтаълим мактаби ўқувчиси Далер Ғаффоров, 2-синф­лар ўртасида 62-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шодиёна Олимова,  3-синф­лар ўртасида 113-умумтаълим мактаби ўқувчиси Севинч Қўчқорова, 12-умумтаълим мактаби ўқувчиси Райҳон Абдуллаева ва 4-синфлар ўртасида 29-умумтаълим мактаби ўқувчиси Гулруҳ Ботировалар ғолиб деб топилди.

“Кимнинг хати чиройли?” шартида эса 8-умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчиси Гулмира Элмуродова, 115-умумтаълим мактабининг 3-синф ўқувчиси Нозима Азимжонова, 12-умумтаълим мактабининг 4-синф ўқувчиси Кумуш Холмуродовалар ғолибликни эгаллашди. Кўрик-танловнинг “Энг билимдон ўқувчи” шартида 75-умумтаълим мактабининг 3-синф ўқувчиси Севинч Эркинова, 41-умумтаълим мактаби ўқувчиси Динора Собирова, 85-умумтаълим мактабининг 4-синф ўқувчиси Бекмирза Абдумўминовлар иқтидорлилар сафидан ўрин олишди.

Leave a Reply

MANZIL: XO`JA YUSUF HAMADONIY 50, SAMARQAND 140100; TEL:+99866 233 3765; FAX:+99866 233 6055