КИТОБ ЎҚИГАН ҲЕЧ ҚАЧОН КАМ БЎЛМАЙДИ

Нарпай туманидаги 17-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Моҳинисо Шомуродова Ўзбекистон ёшлар иттифоқи “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида фахрли 1-ўринни эгаллаб, Президент совғаси – “Spark” автомашинаси билан тақдирланди.

          Болалигиданоқ илмга чанқоқ Моҳинисонинг китоб мутолаасига қизиқишида онаси, она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Азиза опанинг, отаси Шавкат аканинг хизматлари беқиёс. Ўн ёшида Александр Сергеевич Пушкиннинг “Балиқ ва балиқчи ҳақида” эртагини ўқиб, китоб мутолаасига қизиқиши ошган Моҳинисо ўн ётти ёшга кириб-кирмай юздан ортиқ китобни ўқиб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг “Ёш китобхон” танловида    ғолибликни эгаллаб, республикамиздаги минглаб тенгдошларига ўрнак бўлишдек фахр-ифтихорга сазовор бўлди.

           Она тили ва адабиёт фанидан ўтказилган фан олимпиадасининг туман босқичида 1-ўринни эгаллаб, олимпиаданинг вилоят босқичига тайёргарлик кўраётган, енгил атлетика бўйича вилоят турнирларида қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаётган, инглиз, рус тилларини пухта ўзлаштириб,маънавий етук, жисмонан соғлом  бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган, шунингдек, шеъриятга қизиқиши баландлиги боис бадиий ижод билан шуғулланаётган ёш шоира келажакда мактабни битириб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга киришни, кинематография йўналишида ҳам омадини синаб кўриб, фильмлар суратга олишни орзу қилади.

Ота-онаси ва устозларининг ишончини оқлаб, энг яхши ёш китобхон номига мушарраф бўлган ёш ижодкорнинг келгусидаги фаолиятида бундан-да юксак омадлар ёр бўлишини истаймиз.

 

MANZIL: XO`JA YUSUF HAMADONIY 50, SAMARQAND 140100; TEL:+99866 233 3765; FAX:+99866 233 6055