Улуғ алломага эҳтиром

  Сўз мулкининг султони Низомиддин мир Алишер Навоий бутун умрини ижодий меҳнатга бағишлади, халқи учун “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Хазойин ул-маоний”дек, “Хамса”дек буюк асарлар яратди. Унинг бу хизматлари  – эзгулик, маълум маънода абадийлик хусусиятига эга. Чунки, Навоий асарлари инсонларга юзлаб йиллар мобайнида завқ-шавқ улашиб, уларни комилликка чорлаб келмоқда.

  Шоир таваллуд топган сана муносабати билан  Самарқанд шаҳридаги  А.Навоий номи билан аталувчи маданият ва истироҳат боғига йиғилган вилоят жамоатчилиги вакиллари, олимлар, шоир ва ёзувчилар, таълим муассасаларининг ўқувчи-талабалари улуғ мутафаккир бобомиз қолдирган ана шундай адабий мерос, эзгуликларни яна бир бор эътироф этдилар.

Вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририя­ти бош муҳаррири Ф.Тошев, Самарқанд давлат университети профессори И.Мирзаев, шоира Х.Бобомуродова Алишер Навоийнинг миллий адабиётимиз, халқимиз маънавия­ти, маърифати, тилшунослик равнақига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида сўз юритдилар.

Навоий ижодининг ёшларга ибрат бўладиган жиҳати шундаки, у ўз даврида туркий тилнинг имкониятлари нақадар кенглигини ижоди билан исботлаб берган.  Бундан ташқари, унинг девонлари, достонларида ёшларга панд-насиҳатлар қилинади. “Хазойин ул-маоний” ва “Девони Фоний”, “Назм ул-жавоҳир”, “Маҳбуб ул-қулуб” каби асарларида инсонпарварлик ғояларни ҳайратланарли, бадиий санъаткорлик маҳорати билан, гўзал тимсолларда ифода қилган. Бу эса келажак авлодларнинг Ватанга содиқ, баркамол инсон сифатида вояга етишига хизмат қилмоқда.

Тадбирда талабалар ҳамда ижодкор ёшлар шоир ижодидан намуналар ўқишди. Самар­қанд шаҳридаги корхона ва ташкилотлар, муассасалар вакиллари шоир ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари А.Умаров иштирок этди.

MANZIL: XO`JA YUSUF HAMADONIY 50, SAMARQAND 140100; TEL:+99866 233 3765; FAX:+99866 233 6055