КИТОБХОНЛИК ОЙЛИГИ

             Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2017 йил 12 январдаги  “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш,  китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойишида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган маърифий тадбирларни мунтазам ва тизимли тарзда кенг ташкил этиш назарда тутилган.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов асарларининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида маҳаллалар, олий, ўрта махсус, умумий ўрта таълим муассасалари ҳамда меҳнат жамоаларида “Ислом Каримов асарлари билимдони” китобхонлик ойлиги ташкил этилди.

Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борган улкан бунёдкорлик ишлари, сермазмун ва сермаҳсул, барчага ибрат ҳаёти ва бемисл фаолиятини тарғиб этиш, унинг муаллифлигидаги асарлар мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш орқали ёшларимизда чин инсоний фазилатлар, жумладан, ватанпарварлик, инсонпарварлик каби хислатларни шакллантириш маънавий ҳаётимиз учун ғоят аҳамиятлидир.

Айниқса, ёшларимизни иймон-эътиқодли, миллий қадрият ва анъаналарга содиқлик, юксак маънавиятли, Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги учун дахлдорлик руҳида тарбиялашда Ислом Каримов асарларини кенг ўрганиш ва ўргатишнинг аҳамияти катта.

Ўзбекистон халқининг мустақилликка эришиши ва тинч ҳаётнинг барқарор бўлиши Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи билан боғлиқ. Шу боис бу улуғ инсоннинг асарларини ўрганиш ҳамда ёш авлод онгига сингдириш ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Ёшларимизда Ватанга садоқат, миллий қадрият туйғуларига садоқат тушунчалари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кўплаб асарларида амалий жиҳатдан кўрсатиб берилган. Бугунги кунда ёш авлодни тарбиялашда Биринчи Президентимизнинг китоблари долзарб аҳамият касб этади.

Вилоятимиз туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари тасарруфидаги таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов асарларининг мазмун-моҳиятини кенг тар­ғиб қилиш мақсадида ўтказилган “Ислом Каримов асарлари билимдони” китобхонлик ойлиги доирасида ўтказилган тадбирларда ҳам бу алоҳида эътироф этилди. Таълим муассасаларида таниқли олимлар, профессор-ўқитувчилар, маданият ва санъат намондалари, маънавиятчилар билан учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этилиб, “Мустақиллик меъмори” мавзусида маънавият соатлари, маърифий давра суҳбатлари ўтказилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти  И.А.Каримов таҳсил олган Самарқанд шаҳридаги 21-умумтаълим мактабида ўтказилган китобхонлик ойлиги давомида ҳам ўқитувчи ва ўқувчилар “Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Баркамол авлод орзуси”, “Она юртимизнинг бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир”, “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” каби асарларини мутолаа қилишди. Ойлик якунида  “Ислом Каримов асарлари билимдони” викторинаси ўтказилди.

Шу мавзудаги тадбирлар вилоятимиздаги барча умумтаълим мактабларида ташкил этилиб, унда маҳалла фаоллари ва  кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

MANZIL: XO`JA YUSUF HAMADONIY 50, SAMARQAND 140100; TEL:+99866 233 3765; FAX:+99866 233 6055