Муносиб баҳо

   Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 сентябрдаги “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланганлар орасида Ургут туманидаги 54-умумтаълим мактабининг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Елена Николаевна Кириллова ҳам бор. Таълим соҳасидаги кўп йиллик самарали хизматлари учун муаллима “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.

Ургут шаҳрида хизматчи оиласида туғилган  Елена ўша пайтда рус мактаби бўлган 54-ўрта мактабда аъло баҳоларга ўқиди. 1985 йилда билим масканини битириб, шу йилнинг ўзида Самарқанд давлат университетининг рус филологияси факультетига ўқишга кирди. Олийгоҳда Василий Ларцев сингари тажрибали профессор-ўқитувчилардан рус тили фанининг сир-асрорларини қунт билан ўрганди. 1990 йилда университетни тугаллаб, ўзи ўқиган мактабда рус тили фани ўқитувчиси сифатида меҳнат фаолиятини бошлади. Тинмай ўз устида ишлаб, устозлари Роза Шарипова ва Любовь Мисурова каби устозлари йўлидан борди. Тез орада таълим сифатини оширишда тинмай изланаётган фидойи ўқитувчи сифатида ўзини намоён эта олди. Мазкур таълим масканининг рус тили бўйича туманда таянч мактабга айланишида Елена Кириллованинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини туман халқ таълими бўлими раҳбарлари яхши билишади.

— Ўзбекистонда туғилиб, бағрикенг ўзбеклар ичида ўсиб-улғайдим, — дейди Елена Кириллова. — Шу улуғ халқнинг фарзандларига фан сирларини ўргатиш мен учун катта шараф.

Е. Кириллова 2015 йилда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли иккинчи ўринни эгаллаган. Маҳоратли ўқитувчи тумандаги тадбирларда рус тили фани ўқитувчилари учун “Маҳорат мактаби” дарсларини ўтиб, ўз тажрибаларини ўқувчиларга ўргатиб келмоқда. Унинг тажрибаларини оммалаштириш мақсадида қарийб ҳар йили ушбу мактабда рус тили ўқитувчиларининг туман ҳамда вилоят семинарлари ташкил этилади. Муаллима жиҳозлаган рус тили  фани хонаси республикадаги энг намунали фан хоналаридан бири сифатида эътироф этилганлиги бежиз эмас. Елена Николаевна мингдан ортиқ кўргазмали қуроллар ва замонавий ўқув воситаларини ўзи тайёрлаган. Тажрибали педагогнинг “Рус тилини ўрганамиз”, “Фан ва борлиқ”, “Нутқ ўстириш” ва “Алифбо” сингари электрон кўргазмали воситаларидан ўқитувчилар унумли фойдаланишмоқда.

Фидойи муаллима мактабда “Қувноқ грамматика” ва “Рус тилини мукаммал ўрганамиз” номли фан тўгаракларини ташкил этиб, ўқувчиларга рус тили фанини янада қизиқарли ўргатишни ўз олдига  мақсад қилиб қўйган. Унинг фидокорона хизматлари инобатга олиниб, 2011 йилда Елена Кириллова “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Елена опанинг юзлаб шогирд­лари устоз изидан бориб, ўқитувчиликдек машаққатли ва шарафли касбни улуғлаб келишаётир.

— Ушбу мукофот Елена опанинг фидокорона меҳнатларига берилган муносиб баҳо бўлди, — дейди мактаб директори Анвар Ярбобоев. — Зотан, ҳар бир ўқитувчи Е.Н.Кириллова сингари ўз касбини фидойилик деб қабул қилса, таълим соҳасидаги ютуқлар бундан-да сарбаланд бўлади.

MANZIL: XO`JA YUSUF HAMADONIY 50, SAMARQAND 140100; TEL:+99866 233 3765; FAX:+99866 233 6055