Бахшиларга бешик қўрғон

                                                 

  Музейлар халқ тарихи ва маданиятини ўзида акс эттирувчи кўзгу бўлса, халқ оғзаки ижоди миллатнинг орзу-армонлари, анъана ва қадриятларини аждодлардан авлодларга олиб ўтувчи мустаҳкам маънавий кўприк саналади.

Қўшработ туманидаги 42-умумтаълим мактабининг “Дилмунчоқ” ёш қаламкашлар тўгараги ташаббуси билан “Октябрь — она тили ва адабиёт фан ойлиги” доирасида Эргаш Жуманбулбул ўғли номли Халқ тарихий музейига саёҳат ташкил этилди.

Тадбирда музей ва АРМ ходимлари, қўшработлик шоира М.Остонова ҳамда 6, 42, 56-умумтаълим мактабларининг ижодкор ўқувчилари иштирок этишди.

Дастлаб таниқли бахши номи ёд этилиб, ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди. Сўнгра музейдан жой олган ноёб экспонатлар билан таништирилди. Айниқса, Эргаш Жуманбулбул ўғлининг дўмбираси, шунингдек, халқимизнинг қадимий меҳнат қуроллари, уй-рўзғор буюмлари, кийим-кечак ва амалий санъат намуналари ўқувчиларда қизиқиш уйғотди.

— Музейимиз 1978 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг очилиш маросимида давлат арбоби Шароф Рашидов иштирок этган эди. Музейнинг ташкил этилишида бошлан­ғич таълим ўқитувчиси О.Синдоровнинг хизмати катта. Унинг бевосита ташаббуси билан турли экспонатлар Қўшработ ва Нурота туманларидан йиғиб келтирилди, — дейди музей директори Аҳмад Синдоров.

Шундан сўнг, Эргаш Жуманбулбул ўғли ҳайкали олдида мушоира уюштирилди. “Дилмунчоқ” ёш қаламкашлар тўгараги аъзолари, 6, 56-умумтаълим мактабларининг ўқувчилари Ватан, она, устоз ва ёшлик тараннум этилган шеър­лардан ўқишди. Шоира М.Остонова ўқиган шеърлар ҳамда 42-умумтаълим мактабининг “Дилнаво” мусиқа тўгараги аъзоси Г.Абдуалимованинг Эргаш Жуманбулбул ўғли куйлаган “Кунтуғмиш” достонидан парча ижро этгани мушоирага ўзгача шукуҳ бағишлади.

Тадбир давомида “Самарқанд адиблари” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

MANZIL: XO`JA YUSUF HAMADONIY 50, SAMARQAND 140100; TEL:+99866 233 3765; FAX:+99866 233 6055