ЎҚИТУВЧИ – ҚАЛБ МЕЪМОРИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 сентябрдаги “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган юртдошларимиз орасида Самарқанд шаҳридаги 6-умумий ўрта таълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Фируза Гафарова ҳам бор. Фируза опа “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” унвони билан тақдирланди.

Ўқувчилик йиллариданоқ ўқитувчи бўлиш орзу қилган Фируза опанинг бугун қувончи чексиз. Давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирланганини ҳамкасблари, шогирдларидан эшитган устоз ушбу рағбатни Президентимизнинг, давлатимизнинг таълимга, ўқитувчи ва мураббийларга бўлган улкан эътибори самараси деб билади.

Касбга садоқат, шогирдлари ва ўқувчиларига нисбатан меҳр ва бағрикенглик, камтаринлик, фидойилик каби  юксак инсоний фазилатлар соҳибаси бундан 12 йил олдин “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган эди.

Айни пайтда 35 йиллик педагогик тажрибага эга бўлса-да, ўқиш-изланишдан тўхтамайдиган муаллима ҳар бир дарсга пухта тайёргарлик кўриб, янги китоблар, кўргазмали воситалар билан бойитади. Дарсни ўзига хос, кечагига ўхшамаган тарзда ўтишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ўқувчилари математика дарсига мураккаб фан сифатида қарамайди, балки бу дарсни иштиёқ билан кутади. Дарсдан кейинги қўшимча машғулотларда ҳам синф ўқувчиларга тўлиб кетади.

– Фируза опа мактабимизнинг фахри, барчамизнинг устозимиз, – дейди Самарқанд шаҳридаги 6-умумий ўрта таълим мактаби директори Шаҳло Юсупова. – Шахсан мен қарийб 20 йилдан буён опа билан бирга ишлайман. Ф.Гафарованинг бир нечта дарс ишланмалари вилоят ҳамда республика миқёсида оммалаштирилган. Вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти тингловчилари учун ҳар ойда мактабда очиқ дарс ўтказилади. Ўқувчилари эса билимлар беллашуви, фан олимпиадаларида доимо юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Муаллиманинг ўзи ҳам бир неча бор “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловида ғолибликни эгаллаган.

– Ўқитувчининг дарсга тайёрланмасдан келиши жиноятдир, – дейди Ф.Гафарова. – Чунки ўтиб кетган вақтни орқага қайтариб бўлмайди. Биз, педагоглар ҳар бир ўқувчига бўлғуси даҳолар деб қарашимиз керак. Чунки тажрибасиз муаллим бўлиши мумкин, лекин истеъдодсиз бола йўқ, деган гап айни ҳақиқат. Ҳар бир бола ўзига хос бир олам ва унда қайсидир фанга, соҳага қизиқиш бор. Ана шу қизиқиш, иқтидорни вақтида пайқаш ва юзага чиқариш ўқитувчининг билими, маҳорати ва албатта, болаларга бўлган меҳрига боғлиқ. Ўқувчисига меҳр қўймаган, уни яхши кўрмаган ўқитувчи зиммасидаги бурчни бажара олмайди, устозлик даражасига кўтарилмайди, деб ўйлайман.

Дарҳақиқат, ўқувчилар қалбига йўл топиб, уларга илм ўргатишни ҳаётининг мазмуни деб биладиган устозлар ҳамиша эъзоз, эътирофга сазовордир.

MANZIL: XO`JA YUSUF HAMADONIY 50, SAMARQAND 140100; TEL:+99866 233 3765; FAX:+99866 233 6055