ЁШЛАРГА ЗАМОНАВИЙ БИЛИМ БЕРИШ – ДАВР ТАЛАБИ

2017 йил 15 сентябрь куни вилоят “Баркамол авлод” марказида “Методист ўқитувчилар мактаби” ҳамда мактабгача таълим муассасалари бўйича “Методист мураббийлар муассасаси”га тавсия этилган ўқитувчи ва мураббийлар, мактабгача таълим  муассасалари мудиралари ва тарбиячилар иштирокида  вилоят семинари ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раислигида 2017 йил 2 август куни ўтказилган “Умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаган ҳолда, 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш тўғрисида”ги видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқитувчи ва мураббийларнинг касбий ва педагогик компетентлигини ривожлантиришга хизмат қиладиган узлуксиз малака ошириш тизимини жорий этиш механизмлари ишлаб чиқилиб, янги ўқув йилидан бошлаб амалиётга татбиқ этиш режалаштирилган.

Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг  “Ижтимоий соҳани ривожлантириш” деб номланган тўртинчи йўналишида белгиланган вазифалар, илғор, ижодкор, ташаббускор, фидойи ўқитувчиларни аниқлаш, ижодий фаоллигинии ошириш, ёшларни баркамол шахс этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган, ўқув-тарбия жараёнида инновацион технологиялардан унумли фойдаланиб, самарали натижаларга эришаётган ўқитувчиларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 10 августдаги “Халқ таълими тизимида узлуксиз малака ошириш жараёнларини ташкил этиш ва илмий-методик хизматни такомиллаштириш тўғрисида”ги 258-сонли, вилоят халқ таълими бошқармасининг 2017 йил 12 августдаги  198-сонли буйруқлари чиқарилиб, туман, шаҳар халқ таълими бўлимларига етказилди.

        Ушбу топшириқлар асосида халқ таълими тизими ходимларининг узлуксиз малака ошириш жараёнини такомиллаштириш мақсадида “Халқ таълими ходимларининг касбий компетентлигини ривожлантириш республика Кенгаши” ва унинг таркибида фаолият  кўрсатувчи комиссиялар, шунингдек, “Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги малака ошириш институтларида мувофиқлаштирувчи Кенгашлар”, унинг таркибида  “Методист ўқитувчилар уюшмалари”, “Методист мураббийлар уюшмалари” ҳамда туман, шаҳарларда “Педагогик мувофиқлаштирувчи Кенгашлар” ва унинг таркибида ҳар бир туман, шаҳарда 5 та йўналишлар бўйича биттадан “Замонавий таълим муассасаси”, ахборот-коммуникация технологиялари ва янги инновацион  ишланмаларни татбиқ этиш бўйича биттадан “Методист ўқитувчилар мактаби” ҳамда мактабгача таълим муассасаси йўналиши бўйича биттадан “Методист мураббийлар муассасаси”ни ташкил этиш кўзда тутилган.

Семинарда вилоят халқ таълими бошқармаси, туман, шаҳар халқ таълими бўлимларидан ҳар бир фан бўйича “Методист ўқитувчилар мактаби” ҳамда мактабгача таълим бўйича “Методист мураббийлар муассасаси”га тавсия этилган ўқитувчи ва мураббийлар иштирок этишди. Ўқув семинарида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қ.Саидов, Методика бўлими бошлиғи Д.Сайдуллаева, вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти тренер-ўқитувчиларининг маърузалари тингланди, кўргазмали чиқишлар қилинди. Соҳа вакиллари ёшларга замонавий таълим-тарбия бериш усуллари ҳақида кўргазмали маърузалар қилиб, ўзаро фикр ва тажриба алмашдилар.

 Мамлакатимизда ўқувчи-ёшларнинг ижодий салоҳиятларини, ватанпарварлик туйғуларини ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини ривожлантириш, улар қалбида ёт ғоя таъсирларига қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш, мустақил ва эркин фикрловчи, қатъий эътиқодга эга бўлган юксак билимли, интеллектуал салоҳиятли, мустақиллик тамойилларига содиқ, жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол авлодни тарбиялаш ва юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёш авлод онгига чуқур сингдириш  ўқитувчидан чуқур билим ва педагогик маҳоратни талаб қилади.

Ушбу семинар айни жиҳатларни ўзида мужассам этганлиги билан янада аҳамиятли бўлди.

MANZIL: XO`JA YUSUF HAMADONIY 50, SAMARQAND 140100; TEL:+99866 233 3765; FAX:+99866 233 6055